“Транспорт баҳолаш экспертизаси имкониятлари”

У.Х.Жуманиёзов

Х.Сулаймонова номидаги РСЭМнинг Хоразм вилоят бўлими суд автотехника эксперти


Abstract

        Ҳуқуқни мухофаза қилувчи органлар томонидан тайинланган экспертизаларнинг ошиб бораётганлиги, шунингдек, жисмоний ва юридик шахслар томонидан суд транспорт-баҳолаш мутахассислиги бўйича  мутахассис  фикри бериш ҳақида мурожаатларнинг ошганлигини бугунги кунда транспорт баҳолаш экспертизасининг аҳамияти катта эканлигини билдиради. Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги РСЭМнинг Хоразм бўлимида суд автотехника экспертизаси 2001 йилдан бошлаб ташкил қилинган бўлиб, ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикасининг “Суд экспертизаси тўғрисида”ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикасида суд экспертизаси тадқиқотларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги намунавий Низом (21.02.2023 yil, ЎзР ВМнинг 73-son-қарори билан тасдиқланган) ва бошқа қонун хужжатларига асосан экспертизалар бажарилади. Ушбу Низом бўйича бўлимда суд-тергов органларининг қарори ёки суднинг ажрими асосида транспорт баҳолаш экспертизалари, бундан ташқари жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига асосан мутахассис фиклари бажариб келинмоқда. Суд экспертизасига юборилаётган, уни ўтказиш имконини бермайдиган материалларни расмийлаштириш қоидаларига риоя этилмаган тақдирда, экспертиза муассасаси раҳбари бу ҳақда суд экспертизасини тайинлаган органга дарҳол хабар қилади. Суд экспертизасини тайинлаган орган камчиликларни бартараф этиш учун зарур чора-тадбирларни кўрмаса, экспертиза муассасаси раҳбари ўттиз кун ўтгач унга материалларни экспертиза ўтказмасдан қайтаради. Суд эксперти суд экспертизасини ўтказишга экспертиза муассасаси раҳбарининг ёзма топшириқномаси суд экспертизасини тайинлаш тўғрисидаги қарор (ажрим) ва суд экспертизасига тушган барча материаллар билан бирга олинган вақтдан бошлаб киришади.  Суд экспертизасини ўтказиш муддатлари материаллар экспертиза муассасига келиб тушган кундан кейинги кундан бошлаб ҳисобланади ва улар экспертиза муассаси раҳбари томонидан суд экспертизасини тайинлаган органга юборилган кунда тугайди. Суд экспертизасини ўтказиш муддатлари, суд экспертининг суд экспертизасига тақдим этилган материаллардаги камчиликларни бартараф этиш тўғрисидаги илтимосномасини қаноатлантириш ёки илтимосномани қаноатлантиришни рад этилиши тўғрисида жавоб олиш, суд экспертизасини ўтказишни ўттиз кунгача бўлган муддатда бажариш мумкин бўлмаган тақдирда уни ўтказиш муддатларини келишиб олиш, суд экспертининг бошқа суд экспертизасини бажариши муносабати билан хизмат сафарида ва меҳнат таътилида бўлиши, уни бажаришни бошқа суд экспертига топшириш мумкин бўлмаган тақдирда, суд экспертининг вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлиги ва суд экспертизасини бажаришни бошқа суд экспертига топшириш мумкин бўлмаган ҳолатларда тўхтатиб турилади.